Вернуться назад Распечатать

КОНСТИТУЦИЯ инсон ҳуқуқ ва эркинликлари кафолати

2023 йил 30 апрель куни ўтказилган референдумда умумхалқ овоз бериши орқали янги таҳрирда қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг Конституциясида давлат қурилишининг янги стратегик мақсади – ижтимоий давлат қуриш экани белгилаб берилди, ижтимоий адолат ва бирдамлик принциплари жорий этилди, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишнинг мутлақо янги механизмларини назарда тутувчи конституциявий асослар мустаҳкамланди.

Янгиланган Конституция мамлакат, миллат ва халқ сифатида истиқболни аниқлаб олишимиз учун ғоят аҳамиятли масала, адолатли жамият қуриш йўлидаги улкан одимлардан бири бўлди.

Конституцияда давлат қурилишининг янги стратегик мақсади — ижтимоий давлат қуриш эканлиги алоҳида белгилаб берилди, ижтимоий адолат ва бирдамлик принциплари жорий этилди, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишнинг мутлақо янги механизмларини назарда тутувчи конституциявий асослар мустаҳкамланди.

Конституциянинг 20-моддасига мувофиқ, инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликлари бевосита амал қилади, инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликлари қонунларнинг, давлат органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, уларнинг мансабдор шахслари фаолиятининг моҳияти ва мазмунини белгилайди.

Мазкур норма Асосий қонунимизда белгиланган муҳим принциплар асосида давлат ва жамиятни ривожлантиришнинг бош қоидасига айланмоқда, демократик ислоҳотлар ва ўзгаришларнинг асосий мақсади бўлган “инсон қадри учун”ғоясининг,инсон қадр-қиммати, шаъни ҳамда ҳуқуқ ва эркинликларининг барча соҳаларда ва кундалик ҳаётимизда биринчи ўринда туришини таъминлашга хизмат қилмоқда.

Бинобарин, янги Конституция фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларини олий даражада кафолатлаб, жамиятимизда инсонпарварлик тамойилларини янада кучайтириш ҳамда давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг инсон қадри йўлида вафуқаролар манфаатларини кўзлаб фаолият кўрсатиши учун муҳим асос ҳисобланади.

Конституциямизда “инсон-жамият-давлат” тамойилининг ҳуқуқий жиҳатдан ўрнатилиши натижасида давлат ва жамиятнинг сиёсий-ҳуқуқий қиёфаси тубдан ўзгарди. Асосий қонунимизда инсон билан давлат органларининг ўзаро муносабатларида юзага келадиган қонунчиликдаги барча зиддиятлар ва ноаниқликлар инсон фойдасига талқин этилиши алоҳида белгиланди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар Янги Ўзбекистонни барпо этишнинг миллий конституциявий модели сифатида халқимиз ва халқаро ҳамжамият томонидан муносиб эътироф этилмоқда. Зеро, юртимиз тараққиётининг ҳозирги босқичида давлатимиз томонидан олиб борилаётган ички ва ташқи сиёсатнинг ҳар бир илдизи конституциявий норма ва принциплардан куч олмоқда.

Мамлакатимизда бугунги кунда деярли барча соҳаларда амалга оширилаётган ислоҳотлар қаторида инсон ҳуқуқлари соҳасида қилинаётган ижобий ҳаракатлар ва уларнинг натижаси барчамизни Ўзбекистоннинг янгиланган дунёсида яшаётганимизни қалбан ҳис қилишимизга чорламоқда. Инсон ҳуқуқ ва эркинликлари қонунларимизнинг, давлат органлари ҳамда мансабдор шахсларнинг фаолияти мазмунига айланиши қатъий талаб сифатида белгиланди.

Бинобарин, қонунлардаги зиддиятлар ва ноаниқликлар инсон фойдасига ҳал бўлиши шарт ва зарур. Бунга кўра, инсон ва давлат ўртасида муносабатларни тартибга солувчи қонунчиликдаги ноаниқликлар, турли тушунмовчиликлар бартараф этилади.

Инсон ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатлари сезиларли даражада кучайтирилмоқда. Шахс суднинг қарорисиз 48 соатдан ортиқ муддат ушлаб турилиши мумкин эмаслиги белгиланди. Яъни шахснинг эркинлигини чеклаш билан боғлиқ ҳар қандай ҳаракат фақатгина суд қарори асосида амалга оширилиши шарт. Ушбу қоида тергов органлари томонидан инсонларни ноқонуний ҳибсга олиш, асоссиз қамоққа олиш ва сақлашга йўл қўймасликка қаратилган. Бу орқали халқаро эътироф этилган “Хабеас корпус” институтини қўлланиш кўлами янада кенгайди.

Шахсни ушлаш чоғида унга тушунарли тилда унинг ҳуқуқлари
ва ушлаб турилиши асослари тушунтирилиши шартлиги, айбланувчи
ва судланувчиларга ўзига қарши кўрсатма бермаслик (халқаро эътироф этилган “Миранда қоидаси”), сукут сақлаш ҳуқуқи берилди.

Ҳар кимнинг ёзишмалари, телефон орқали сўзлашувлари, почта, электрон ва бошқа хабарлари сир сақланиш ҳуқуқига эга эканлиги белгиланди. Бундай ҳуқуқларнинг чекланишига ёки уй-жойда тинтув ўтказишга фақат қонунга мувофиқ ва суднинг қарорига асосан йўл қўйилиши белгилаб қўйилди.

Асосий қонунимизнинг юртимизда яшаётган ҳар бир инсоннинг ҳаётидаги ўрни ва аҳамиятини тасаввур қилган ҳолда унинг мазмун-моҳиятини тўлиқ англаш, бу орқали конституциявий нормаларга қатъий риоя қилиш, унда кафолатланган инсон ҳуқуқлари, эркинликлари, шаъни ва қадр-қимматини ҳурмат қилиш – ҳар биримизнинг фуқаролик бурчимиздир.

Баҳодир ҚОРАЕВ,

Жиноят ишлари бўйича Боёвут туман суди раиси