Вернуться назад Распечатать

“Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига рақамли далиллар билан ишлаш тизимини такомиллаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида”

Жиноят ишлари бўйича Боёвут туман суди раиси Б.Қораевнинг Ўзбекистон Республикасининг 2024 йил 21 ноябрдаги “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига рақамли далиллар билан ишлаш тизимини такомиллаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида”ги ЎРҚ-1003-сонли Қонуни мазмун моҳияти юзасидан тушунтириши.


Кейинги йилларда мамлакатимизда инсоннинг ўз қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш учун тенг имкониятлар яратиш, ишнинг ҳақиқий ҳолатларини ҳар томонлама, тўлиқ ва холисона аниқлашга доир қонун талабларига сўзсиз риоя этиш, тарафларнинг тортишуви ва тенг ҳуқуқлилиги принципларини ҳаётга татбиқ этиш орқали самарали ҳимоя қилинишини таъминлаш бўйича салмоқли ишлар амалга оширилмоқда.

Шу билан бирга жамият ҳаётининг турли соҳаларини жадал рақамлаштириш, одамларнинг ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда янада кўпроқ ҳамкорлик қилиши ва бунинг оқибатида жиноятлар содир этилиши, рақамли муҳитда фуқаролар ва ташкилотларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатлари бузилиши ҳолларининг кенг тарқалиши рақамли далилларнинг институционаллаштирилишини ва улар билан боғлиқ ишларни амалга оширишнинг ҳуқуқий асослари мустаҳкамланишини талаб этмоқда.

Шу сабабли Ўзбекистон Республикасининг 2024 йил 21 ноябрдаги “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига рақамли далиллар билан ишлаш тизимини такомиллаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида”ги ЎРҚ-1003-сонли қонуни қабул қилинди.

Мазкур қонун билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят процессуал Кодекси, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси, Фуқаролик процессуал кодекси Иқтисодий процессуал ва Маъмурий суд ишларини юритиш кодексларига рақамли далиллар тушунчасини, рақамли далилларни тўплаш, тақдим этиш, мустаҳкмлаш, кўздан кечириш, текшириш ва баҳолаш, уларни сақлаш, қайтариш ҳамда йўқ қилиш тартибини белгиловчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

Бундан ташқари, мазкур қонун билан “Нотариат тўғрисида”ги, “Ҳакамлик судлари тўғрисида”ги ва “Суд экспертизаси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунларида рақамли далилларни гувоҳлантириш ва уларни текшириш тартиби назарда тутилмоқда.

Ушбу Қонун келгусида фуқаролар ва ташкилотларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтиришга хизмат қилади.


Жиноят ишлари бўйича

Боёвут туман суди раиси    Б.Ш.Қораев