Пресс тур ўтказилди
Сирдарё вилояти солиқ бошқармаси томонидан навбатдаги Пресс турда “Солиқчи – тадбиркорга кўмакчи” тамойили асосида тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш ҳамда қўшилган қиймат солиғи (ҚҚС)ни қоплаш (қайтариш) борасида амалга оширилаётган ишлар юзасидан маълумот берилди. Оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳамда блогерлар иштирок этган тадбирнинг дастлабки қисми бошқармада бўлиб ўтди. Унда солиқ бошқармаси бўлим бошлиғи Д.Бекмуродов фаолият юзасидан тўлиқ маълумот берди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024-йил 23-январдаги ПҚ-39-сон қарори асосида Тадбиркорлик субйектларининг барқарорлик рейтинги жорий этилганлиги, бошқарма хизмат кўрсатаётган тадбиркорлик субйектларидан 41 таси “ААА”, 32 таси “АА”, 47 та “А” , 163 та “BBB”, 355 та “BB”, 544 та “B”, 423 та “ССС”, 1 697 та “СС”, 945 та “С” ҳамда 1 622 та “Д” тоифадаги корхоналарни ташкил этаётганлиги айтилди.
Бундан ташқари 2024 йилда “ААА” тоифадаги жами 27 та корхонанинг қарийб 14 млрд. сўмга яқин қўшилган қиймат солиғи суммаси ўрнини қоплаш (қайтариш) бир кун муддатда текширувларсиз амалга оширилганлиги маълум қилинди.


Хусусан, Узбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020-йил 14-августдаги 489-сонли Қарори талабларига асосан Гулистон шаҳрида ишлаб чиқариш фаолиятини юритаётган "ChELEBI TEXTILE" МЧЖ шаклидаги хорижий корхонасининг 2025-йил 3-мартдаги аризасига асосан 1 млрд. 27 млн. сўм ҚҚСнинг салбий фарқ суммаси 24 соат ичида, текширувларсиз банк ҳисоб рақамига қайтариб берилди.
Тадбирнинг иккинчи қисми бевосита юқорида номи қайд этилган корхона фаолият манзилида давом эттирилди. Корхона бош ҳисобчиси У.Ўсаровнинг маълум қилишича корхона 2024-йилда ҳар ойда узлуксиз ҚҚСнинг салбий фарқ суммасини қайтариб олган. Ҳозирда корхонада 870 нафарга яқин ишчилар меҳнат қилмоқда. Юқори рейтинг кўрсаткичига эришишдаги асосий омилларни санаб ўтар экан, бевосита солиқ тўловлари ва ҳисоботларини ўз вақтида ва тўлиқ акс эттирилиши алоҳида муҳим ҳисобланишини айтиб ўтди.


Пресс тур давомида журналистлар ва блогерлар ишлаб чиқариш жараёнлари билан яқиндан танишиб, ишчиларни суҳбатга тортди. Қизғин савол-жавобларга бой ўтган тадбир кун охирига бориб якунига етди.