Пресс-тур: очиқлик ва шаффофлик амалда
Жорий йилнинг, 8 январь куни SirdaryoLive ОАВ ижодий жамоаси Сирдарё туманида жойлашган “Сирдарё” чегара божхона постида ташкил этилган пресс-турда иштирок этди. Ташриф давомида оммавий ахборот воситалари вакиллари божхона назорати тизимида жорий этилган замонавий технологиялар, шу жумладан рентген қурилмаларининг иш фаолияти билан яқиндан танишдилар.


Rapiscan M-60 ва “Z-Portal”: назоратнинг янги босқичи
Пресс-тур иштирокчиларига “Rapiscan Eagle M60” русумли инспекцион-кўрик мажмуаси ҳамда АҚШда ишлаб чиқарилган “Z-Portal” замонавий йирик инспексион кўрик мажмуасининг имкониятлари амалда намойиш этилди. Мазкур қурилмалар юк автотранспорт воситаларини очмасдан, товарларга шикаст етказмаган ҳолда божхона назоратидан ўтказиш имконини бермоқда.
Тўлиқ назорат: янги қурилма самараси
Маълум қилинишича, аввалги даврда пост орқали ҳаракатланаётган 400–450 та автотранспорт воситасидан ўртача 45–50 таси рентген текширувидан ўтказилган. 2025 йил ноябрь ойида “Z-Portal” қурилмасининг ўрнатилиши натижасида эса кириш йўналишида ҳаракатланаётган барча юк автотранспорт воситалари тўлиқ божхона назоратидан ўтказилмоқда.




“Z-Portal”нинг техник афзалликлари
“Z-Portal” инспексион қурилмаси кам қувватли рентген ускунаси бўлиб, ундан тараладигаан нур ортга қайтиш технологияси асосида ишлайди. Шу боисдан ҳам ҳайдовчилар ва йўловчилар учун зарарсиз.
Қурилма бир соатда 200–220 та автотранспорт воситасини текшириш, тасвирларни бир вақтнинг ўзида таҳлил қилиш ҳамда юкни тўрт томонлама кўриш имкониятига эга. Бу эса таҳлил жараёнларининг аниқлиги ва тезкорлигини таъминламоқда.



Рақамлар орқали самарадорлик
2025 йил давомида “Сирдарё” чегара божхона постида рентген қурилмалари ёрдамида жами 22 971 та юк автотранспорт воситаси божхона назоратидан ўтказилган. Натижада 26 та ҳолатда қиймати 6 млрд 509 млн сўм бўлган ноқонуний товар-моддий бойликлар аниқланиб, ашёвий далил сифатида олинган.
Жамоатчилик ишончи ва хавфсизлик
Пресс-тур жараёнида журналистлар божхона тизимида қўлланилаётган замонавий технологиялар нафақат назорат самарадорлигини ошираётгани, балки жамоатчилик ишончини мустаҳкамлаётганини ҳам таъкидладилар.


Хулоса
SirdaryoLive ОАВ фикрига кўра, “Сирдарё” чегара божхона постида жорий этилган замонавий рентген қурилмалари давлат чегараларида хавфсизликни таъминлаш, қонунийликни мустаҳкамлаш ва божхона назоратини янги босқичга олиб чиқишда муҳим аҳамият касб этмоқда.
ОАВ мухбири
Ганиев Амирбек