Сирдарё вилояти мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси томонидан таълим соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, жорий этилаётган янги ёндашувлар ва ўзгаришлар мавзусида матбуот анжумани бўлиб ўтди. Анжуманда 2025 йил давомида эришилган натижалар ҳамда келгуси устувор вазифалар ҳақида кенг жамоатчиликка атрофлича маълумот берилди.
Таъкидланганидек, 2025 йилда Сирдарё вилоятида мактабгача ва умумий ўрта таълим тизимини ривожлантириш, таълим сифати ва қамровини ошириш йўналишида кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Ҳозирги кунда вилоятда 1 173 та мактабгача таълим ташкилоти ва 313 та умумтаълим мактаби фаолият юритмоқда. 3–7 ёшли 81 114 нафар боланинг 87,2 фоизи мактабгача таълим билан қамраб олингани соҳада ижобий ўзгаришлар барқарор давом этаётганини кўрсатади.



Янги қурилишлар, реконструкция ишлари, давлат-хусусий шериклик ҳамда оилавий боғчалар ташкил этилиши натижасида жами 6 399 та янги ўрин яратилди. Жорий йилда вилоятдаги 48 та мактабгача таълим ташкилоти ва 59 та умумтаълим мактабида, жами 107 та таълим муассасасида қурилиш-таъмирлаш ва жиҳозлаш ишлари амалга оширилиб, бу мақсадлар учун 596,8 миллиард сўм маблағ йўналтирилди. Натижада мактабгача таълим муассасаларида 2 730 нафар, умумтаълим мактабларида эса 6 956 нафар ўқувчи учун қўшимча ўринлар яратилди. Шунингдек, боғча мавжуд бўлмаган 3 та маҳаллада янги МТТлар, спорт залига эга бўлмаган 5 та мактабда замонавий спорт заллари барпо этилди.


Таълим тизимини рақамлаштириш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Мактабларга 767 дона замонавий компьютер етказиб берилди, мактабларнинг 94 фоизи техника билан таъминланди ва барча мактаблар интернет тармоғига уланди. Давлат мактабгача таълим ташкилотларида электрон давомат тизими жорий этилиб, таълим жараёнида шаффофлик ва самарадорлик оширилди.
2025–2026 ўқув йилдан бошлаб вилоятдаги 310 та мактабда янги баҳолаш тизими жорий этилди. Ушбу тизим натижасида ўқувчиларнинг билим самарадорлиги 10,2 фоизга ошди. Шу билан бирга, PISA ва PIRLS халқаро баҳолаш дастурлари бўйича тайёргарлик ишлари кучайтирилиб, фан олимпиадаларида 32 минг нафардан ортиқ ўқувчи иштирок этди.
Мактабгача таълим тизимида 4 675 нафар педагог фаолият юритиб, уларнинг 34 фоизи олий маълумотли мутахассислар ҳисобланади. Педагоглар касбий салоҳиятини ошириш мақсадида “Методик маҳорат куни” ва “Методик маҳорат соати” тадбирлари йўлга қўйилди.
Инклюзив таълимни ривожлантириш доирасида ҳар бир туман ва шаҳарда инклюзив гуруҳлар ташкил этилди ва 30 нафар бола таълим жараёнига қамраб олинди. Умумтаълим мактабларида инклюзив муҳитни яхшилаш учун 1 миллиард 438 миллион сўм маблағ ажратилди. Шунингдек, иқтидорли ўқувчиларни қўллаб-қувватлаш, педагогларни рағбатлантириш ҳамда хорижда малака ошириш мақсадида маҳаллий бюджетдан 1,2 миллиард сўм маблағ йўналтирилди.
Амалга оширилган ушбу чора-тадбирлар Сирдарё вилоятида сифатли, замонавий, рақамлаштирилган ва инклюзив таълим муҳитини яратишга хизмат қилмоқда.
2026 йил бошида Сирдарё вилояти мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бошлиғи ташаббуси билан Гулистон шаҳрида Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги ихтисослаштирилган мактабнинг Гулистон филиалида “Вилоят ёш ўқитувчилар уюшмаси”нинг биринчи форуми ташкил этилди.
Мазкур форум ёш педагогларнинг касбий салоҳиятини ошириш, замонавий тажрибаларни оммалаштириш ва инновацион ташаббусларни қўллаб-қувватлашга қаратилди. Тадбир доирасида 50 нафар ёш ўқитувчига “Ёш ўқитувчилар уюшмаси аъзоси” кўкрак нишонлари тантанали равишда топширилди. Ушбу форум ёш педагоглар учун янги имкониятлар очиб, уларнинг касбий ривожи йўлида муҳим қадам бўлди.
Сирдарё вилояти мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси томонидан ўтказилган матбуот анжумани юқори савияда, очиқлик ва шаффофлик тамойиллари асосида ташкил этилди. Анжуман давомида таълим соҳасидаги аниқ натижалар, амалий ишлар ва истиқболли режалар оммавий ахборот воситалари ва жамоатчиликка кенг ёритиб берилди. Берилган маълумотлар аниқ рақамлар ва далилларга асослангани билан аҳамиятли бўлди. Бундай матбуот анжуманлари таълим соҳасида олиб борилаётган ислоҳотларга бўлган ишончни янада мустаҳкамлаб, жамоатчилик билан самарали ҳамкорликни ривожлантиришга хизмат қилади.
ОАВ МУХБИРИ
ГАНИЕВ АМИРБЕК