


Янгиер шаҳар ҳокимлигида “Шаҳарнинг 2025 йил якунлари ва асосий натижалари, хорижий инвестицияларни ўзлаштириш, экспорт прогнозларини бажариш ҳамда аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш борасида эришилган натижалар” мавзусида матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Анжуманда шаҳар раҳбарияти томонидан оммавий ахборот воситалари ва жамоатчилик вакилларига Янгиер шаҳрининг ижтимоий-иқтисодий ривожи, саноат ва инвестиция лойиҳалари, экспорт салоҳияти ҳамда аҳоли турмуш фаровонлигини ошириш йўлида амалга оширилган ишлар юзасидан атрофлича маълумот берилди.
Сўнгги йилларда Янгиер шаҳри жадал ривожланиб, ҳақиқий саноат марказига айланмоқда. Шаҳарда янги ишлаб чиқариш корхоналари барпо этилиб, мавжуд корхоналар қувватлари кенгайтирилмоқда.
Хусусан, 2024 йилда 1,2 трлн сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилган бўлса, 2025 йил якунларига кўра ушбу кўрсаткич 1,8 трлн сўмга етди. Натижада ишлаб чиқариш ҳажми 120 фоизга ўсиб, шаҳар иқтисодий барқарорлигининг мустаҳкам асослари шаклланди.
2025 йилда хорижий инвестиция ва кредитларни ўзлаштириш борасида ҳам юқори натижалар қайд этилди. Дастлаб 15 та лойиҳа доирасида 219 млн доллар инвестиция жалб этиш режалаштирилган бўлса, йил якунида 25 та лойиҳа асосида 220 млн долларлик хорижий инвестиция ва кредитлар ўзлаштирилди. Бу ўтган йилга нисбатан 2,9 баробар ўсишни ташкил этди.
Жумладан:
“Jingu Sanoat Parki” МЧЖ ХК томонидан 50 млн долларлик текстиль лойиҳаси,
“HONGXING DEVELOPMENT” МЧЖ томонидан томчилатиб суғориш қувурлари ва плёнкалар ишлаб чиқариш,
Хитой технопарки доирасида полиэтилен қувурлар, алюминий маҳсулотлари ва кабел ишлаб чиқариш лойиҳалари амалга оширилмоқда.
Ушбу ташаббуслар маҳаллий хом ашёни чуқур қайта ишлаш, импорт ўрнини босувчи ва экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқаришга хизмат қилмоқда.



2025 йилда Янгиер шаҳрида жами 71,2 млн долларлик экспорт амалга оширилди. Бу ўтган йилга нисбатан 103 фоизни ташкил этиб, шаҳар экспорт салоҳияти изчил ошиб бораётганини кўрсатди.
Экспорт таркибида озиқ-овқат маҳсулотлари, тўқимачилик, мева-сабзавот ва қурилиш материаллари етакчи ўринни эгаллади. Экспортёр корхоналар сони 14 тадан 17 тага етказилиб, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни ташқи бозорларга олиб чиқиш бўйича тизимли ишлар давом эттирилмоқда.
2025 йилда аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш йўналишида ҳам сезиларли натижаларга эришилди. Жами 7657 нафар фуқаро иш билан таъминланиб, белгиланган режа 101 фоизга бажарилди.
Натижада:
ишсизлик даражаси 5,7 фоиздан 4,1 фоизга,
камбағаллик даражаси эса 9 фоиздан 2,1 фоизга туширилди.
“Сайхунобод” тажрибаси, микролойиҳалар, кредитлар ва касб-ҳунарга ўқитиш дастурлари аҳолининг барқарор даромад манбаига эга бўлишига хизмат қилмоқда.
Анжуманда 2026 йил учун аниқ мақсадлар белгилаб олинди. Жумладан, 1371 нафар аҳолини доимий иш билан таъминлаш, 226 та камбағал оилани тўлиқ қўллаб-қувватлаш ҳамда камбағаллик даражасини 0 фоизга тушириш режалаштирилган.
Бу борада “Осон иш” рақамли платформаси орқали иш изловчилар ва иш берувчилар ўртасида очиқ ва шаффоф ҳамкорлик йўлга қўйилмоқда.
Анжуман якунида бандлик тизимида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш, коррупциянинг олдини олиш мақсадида амалга оширилаётган ишлар ҳам алоҳида таъкидланди. Хусусан, хизмат биноларида замонавий кузатув камералари ўрнатилиб, хизматлар сифатини оширишга эришилмоқда.

Янгиер шаҳар ҳокимлиги томонидан ўтказилган мазкур матбуот анжумани шаҳар ривожининг очиқ, аниқ рақамлар ва манзилли режалар асосида олиб борилаётганини кўрсатди. Саноат, инвестиция, экспорт ва ижтимоий соҳадаги натижалар Янгиер шаҳрининг барқарор тараққиёт йўлида ишонч билан илгарилаётганини тасдиқлайди.
SirdaryoLive ОАВ жамоаси шаҳар ҳаётидаги муҳим ислоҳотлар ва янгиликларни доимий равишда ёритиб боради.
ОАВ МУХБИРИ
ГАНИЕВ АМИРБЕК