Янгиер шахар хокимлиги ташаббуси билан “Амалга оширилаётган ислоҳотлар ва янгиликлар: ободонлаштириш соҳасида жорий этилаётган янги ёндашувлар ва тизимли ўзгаришлар ҳамда очиқлик ва шаффофликни таъминлаш — коррупциянинг олдини олиш омили” мавзусида матбуот анжумани ташкил этилди.
Тадбирда шаҳар мутасадди ташкилотлари вакиллари, оммавий ахборот воситалари ходимлари, блогерлар ҳамда жамоатчилик фаоллари иштирок этди. Анжуман давомида Янгиер шаҳрида амалга оширилаётган ободонлаштириш ишлари, инфратузилмани ривожлантириш ҳамда аҳоли учун қулай ва хавфсиз муҳит яратиш борасидаги ишлар ҳақида атрофлича маълумот берилди.
Қайд этилганидек, шаҳарда ҳудудларни янада обод ва кўркам қилиш, яшил ҳудудларни кенгайтириш ҳамда шаҳар инфратузилмасини такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шу мақсадда кўча ва хиёбонларни мунтазам тозалаш, дарахт ва манзарали кўчатлар экиш, яшил майдонларни парваришлаш ва суғориш тизимини яхшилаш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Шунингдек, аҳоли учун қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида болалар майдончалари, дам олиш масканлари, сайилгоҳлар ҳамда жамоат жойларини ободонлаштириш ишлари изчил давом эттирилмоқда. Кўчаларга замонавий ёритиш мосламаларини ўрнатиш, ички йўлларни тартибга келтириш, ариқ ва лотокларни тозалаш, чиқиндиларни ўз вақтида олиб чиқиш тизимини такомиллаштириш ҳам устувор вазифалардан бири сифатида белгиланган.
Бундан ташқари, ободонлаштириш ишларининг самарадорлигини ошириш мақсадида техник база мустаҳкамланиб, махсус техника ва жиҳозлар босқичма-босқич янгиланмоқда. Ходимлар малакасини ошириш мақсадида ўқув-амалий семинарлар ҳам ташкил этилмоқда.
Матбуот анжуманида шаҳарда йўл инфратузилмасини ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишларга ҳам алоҳида тўхталиб ўтилди. Йўл қурилиши ва таъмирлаш ишлари тегишли режалар асосида амалга оширилиб, бу борада жамоатчиликка мунтазам равишда ахборот бериб борилаётгани таъкидланди.
Йўл соҳасида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш, фуқаролар мурожаатларини ўз вақтида кўриб чиқиш ҳамда давлат маблағларидан мақсадли фойдаланишни назорат қилиш муҳим вазифалардан бири сифатида белгиланган. Бу эса соҳада адолат ва қонунийлик тамойилларини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
Шунингдек, коррупциянинг олдини олиш мақсадида хизмат фаолиятида қонунийликка қатъий риоя этиш, жамоатчилик назоратини кучайтириш ҳамда ходимлар ўртасида ҳуқуқий маданиятни ошириш бўйича тушунтириш ишлари олиб борилаётгани маълум қилинди.
Анжуман якунида журналист ва блогерлар томонидан берилган саволларга масъуллар томонидан атрофлича жавоблар берилди.
Мазкур матбуот анжумани Янгиер шаҳрида амалга оширилаётган ободонлаштириш ишлари, инфратузилмани модернизация қилиш ва шаҳарни янада замонавий қиёфага келтириш борасида олиб борилаётган тизимли ишлар ҳақида кенг жамоатчиликка муҳим маълумотлар беришга хизмат қилди.
Айниқса, давлат бошқарувида очиқлик ва шаффофлик тамойилларига алоҳида эътибор қаратилиши, жамоатчилик билан мулоқотнинг кучайтирилиши ҳамда аҳоли мурожаатларига тезкор муносабат билдирилиши шаҳар ривожи учун муҳим омил ҳисобланади.
Бундай очиқ мулоқотлар давлат идоралари ва жамоатчилик ўртасидаги ишончни мустаҳкамлаб, Янгиер шаҳрининг янада обод, тоза ва замонавий шаҳарга айланишига хизмат қилиши шубҳасиз.
ОАВ МУХБИРИ
ГАНИЕВ АМИРБЕК