Бугун Янгиер шаҳридаги 6-сонли умумий ўрта таълим мактабида юқори синф ўқувчилари иштирокида киберхавфсизлик ва интернет тармоғида хавфсизлик қоидаларига бағишланган профилактик суҳбат ўтказилди.
Суҳбат давомида ўқувчиларга замонавий ахборот технологияларидан хавфсиз фойдаланиш, интернетда шахсий маълумотларни ҳимоя қилиш, шубҳали ҳаволалар ва хабарларга ишонмаслик, шунингдек, турли хил интернет фирибгарликлари ва киберҳужумлардан сақланиш бўйича муҳим тавсиялар берилди.
Хусусан, киберфирибгарлар томонидан қўлланиладиган усуллар, сохта аккаунтлар ва хабарлар орқали фуқароларнинг шахсий маълумотлари ҳамда банк карталарига оид маълумотларни қўлга киритишга уринишлар ҳақида тушунчалар берилди.


Тадбирни ОАВ раҳбари ва киберхавфсизлик бўйича мутахассис Амирбек Ғаниев олиб борди. Суҳбат интерактив шаклда ўтказилиб, ўқувчилар ўзларини қизиқтирган саволларга мутахассисдан жавоб олдилар.
Бундай профилактик тадбирлар ёшларнинг рақамли саводхонлигини ошириш, интернет муҳитида юзага келиши мумкин бўлган хавфларни олдиндан англаш ва киберфирибгарлик қурбони бўлиб қолишининг олдини олишда муҳим аҳамият касб этади.