Вернуться назад Распечатать

ФУҚАРОЛАР МУРОЖААТЛАРИ БИЛАН ИШЛАШ – МУҲИМ МАСАЛА

Мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотларнинг асосий мақсади халқимизнинг  ҳуқуқ ва манфаатларини тўлиқ рўёбга чиқариш, турли оворагарчиликларининг олдини олишдан иборатдир.

Бу борада фуқароларнинг давлат органларига мурожаатлари фуқаролик жамиятининг муҳим шакли ҳисобланади. Чунки мазкур жараён давлатнинг фуқаро билан “чамбарчас алоқа” ўрнатиш воситаси саналади. Хусусан, Ўзбекистон Конституциясига мувофиқ мурожаат қилиш ҳар бир фуқаронинг конституциявий ҳуқуқидир.

Давлат кадастрлар палатаси Сирдарё вилояти бошқармасида  жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини қабул қилиш, амалдаги қонунчилик доирасида ўрганиб чиқиш бўйича тизимли ишлар амалга ошириляпти.

Йил бошидан жами   35 та ёзма ҳамда  253  та электрон шаклда мурожаат келиб тушган.  Шундан 276 таси жисмоний шахслардан,   12  таси эса юридик шахслардан келган мурожаатлардир. Кўриб чиқилган 288 та мурожаатдан 253 таси қаноатлантирилиб, 35 таси бўйича ҳуқуқий тушунтириш берилган.

-Бизга келиб тушган ҳар бир мурожаатни қонун доирасида ўрганиб чиқамиз. Мурожаатнинг турига ва йўналишига қараб жавоб йўллаймиз ёки кейинги манзилга йўналтирамиз. Мисол учун, таҳлилларга кўра, йўлланаётган мурожаатларнинг салмоқли қисми кадастр ходимларининг ваколатига кирмайдиган мурожаатлар ҳам келиб тушган. Жумладан, уй-жойи таъмирга муҳтож, маҳаллани ободонлаштириш бўйича, ички йўлларни таъмирлашга оид, ҳамда бошқа масалаларда муаммолар аниқланган.

Биз уларни ўрганган ҳолда ҳар бир фуқарога мурожаат қилиш қоидалари ҳақида батафсил маълумот берамиз. – дейди Давлат кадастрлар палатаси Сирдарё вилояти бошқармаси  мурожаатлар билан ишлаш шўбаси  бош мутахассиси Майсара Эрматова.

Таъкидлаш жоизки, сўнгги йилларда Президентимиз томонидан илгари сурилган “Инсон қадри учун” тамойили асосида ишчиларга қулай меҳнат шароитлари яратилган бўлиб, улар ҳар томонлама қўллаб-қувватланмоқда.
Шунга қарамай, ходимларни ўйлантираётган муаммолар, ечимини кутаётган масалаларни ўз вақтида аниқлаш ва ҳал этиш мақсадида ташкилот ишчи ходимлар учун ишонч телефонлари ҳамда электрон мурожаатлар йўллаш тартиби йўлга қўйилган.

Мазкур саъйи-ҳаракатлар Давлатимиз раҳбарининг қатор фармонлари ва қарорлари ижросини таъминлаш баробарида ишчи-ходимларнинг меҳнатга оид ҳуқуқларини таъминлашга қаратилгани билан аҳамиятлидир.