Ривожланган жамиятларда маданиятлилик даражаси хотин-қизларга бўлган муносабат ва улар учун яратилган имкониятларга қараб белгиланади. Ҳар қандай халқнинг маънавий даражасини аввало шу юрт аёлларининг маънавий савияси белгилайди. Мамлакатимизда аёлга бўлган муносабат ўз тарихий илдизларига эга. Аждодларимиз доимо аёлларни қадрлашга, уларга нисбатан ҳурмат ва иззатда бўлишга даъват этишган. Маърифатпарвар боболаримиз “Аёл юксалса – юксалур башарият”, деб бежиз айтишмаган. Бу кўҳна тарих Тўмарис, Сароймулкхоним, Нодирабегим, Гулбаданбегим, Увайсий, Дилшод отин, Анбар отин, Зулфия сингари юзлаб мўътабар аёлларимизнинг миллат шаъни, ор-номусини сақлаш йўлидаги жасоратларига гувоҳдир. Момоларимизга хос бўлган ноёб фазилатлар замонамиз аёллари сиймосида ҳам давом этмоқда.
Янги Ўзбекистонда кечаётган кенг кўламли ва жадал ислоҳотлар жараёнида хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, ҳуқуқ ва манфаатларини, гендер тенглигини таъминлаш, оила, оналик ва болаликни ҳимоя қилиш, саломатлигини муҳофаза қилиш, аёллар ўртасида тадбиркорликни ривожлантириш, улар учун янги иш ўринлари яратиш, интилиш ва ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, меҳнат ва турмуш шароитларини яхшилаш бўйича давлат сиёсати янги босқичга кўтарилди. Замонавий маърифатпарвар аёл деганда, миллий анъаналаримизга содиқ равишда тараққиётга интилаётган, ташаббускор ва ташкилотчи, аёллик мақомини тадқиқотчилик, етакчилик, устозлик фаолияти билан уйғунлаштирган бугунги кун қаҳрамонлари кўз олдимизга келади.
Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан юртимизда илм-фан соҳасида улкан ютуқларга эришиб, аёлларнинг интеллектуал қобилиятини намойиш этган олима аёллар ҳақида маълумотлар тўпланди.
Асқарова Салима Асқаровна – таниқли олим, биология фанлари доктори, профессор. Салима Асқаровна Ўзбекистонда микробиология фанининг ривожланишига улкан ҳисса қўшган. Салима Асқаровнанинг кўмаги билан ЎзРФА Микробиология институтининг янги йўналишлари, янги лабораториялари ташкил қилинди. Микробиологлар илмий мактаби яратилди. Салима Асқаровнанинг раҳбарлигида кўплаб фан номзодлари ва докторлари тайёрланди. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби С.А. Асқарова “Қизил меҳнат байроғи” ордени (1975), “Шухрат” (1994), шунингдек, “Улуғ Ватан урушидаги мардлик меҳнати учун” медали, II ва III даражали “Оналик” медали билан тақдирланди.
Мавлоний Машҳура Эгамовна – микробиолог олима. 1934 йил Тошкент шаҳрида туғилган. Ўрта Осиё Политехника институтида 1952-1957 йиллари Техник микробиологияси йўналишида таълим олган. Машхура
Мавлоний хозирги замон микробиологиясининг энг муҳим ҳисобланган тармоғи – микроорганизмлар систематикасига катта ҳисса қўшган. У Марказий Осиё микроорганизмлар дунёсини ўрганди ва улар тавсифига асос солди. Биринчи бўлиб Ўзбекистонда микроорганизмлар коллекциясини яратди. Саноат учун талай унумдор ва фаол мутантларни селекция қилди. Олиманинг кейинги йиллардаги изланишлари нефть микробиологиясининг устувор ва амалий муаммоларини ечишга қаратилган. Олима 980 дан ортиқ илмий асарлар, шу жумладан 4 та монография, 11 та тўплам, 48 та кашфиёт ва ихтиролар муаллифи. Унинг «Селекция промышленных рас микроорганизмов», «Производство кормового белка в Узбекистане», «Разработка технологий производства противокоррозионных биотсидов» асарлари нафақат Ўзбекистонда, балки чет элда ҳам эътироф этилган. Машхура Мавлоний микробиология мутахассислиги бўйича 1961 йилда фан номзоди, 1971 йилда фан доктори даражаларга эришди. 1979 йил Ўзбекистон Фанлар академияси мухбир аъзоси, 1989 йилдан эса ЎзРФА ҳақиқий аъзоси – академик этиб сайланди. Академик Мавлоний Машхура Эгамовна Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби (1994), «Меҳнат шухрати» ордени (2003), «Меҳнат фахрийси» кўкрак нишони (2021) давлат мукофотлари билан тақдирланган. Олима микробиология соҳасида катта илмий мактаб яратди. Академик Машхура Мавлоний республикада юқори тажрибали, ватанпарвар мутахассисларнинг шаклланишига катта ҳисса қўшиб келмоқда. У тайёрлаган мутахассисларнинг 80 фоизини хотин-қизлар ташкил қилади. Улар нафақат Ўзбекистонда, балки Россия, Латвия, Қозоғистон, Туркманистон ва Исроилда илмий фаолият олиб бормоқдалар.
Сайёра Рашидова Шарофовна – фан доктори. 1943 йилда Жиззах шаҳрида туғилган. С. Рашидова юқори
молекуляр бирикмалар кимёси, биологик фаол полимерлар, нанокимё ва нанофизика соҳаларидаги тадқиқотлари билан кенг илмий жамоатчилик томонидан тан олинган олима.Унинг раҳбарлигида саноат чиқиндиларини қайта ишлаб, импорт ўрнини босувчи маҳаллий препаратлар- хитин, хитозан, ғумбак ёғи органоминерал ўғитлар ва оқсил концентратларини ажратиб олишга асосланган “Табиий ипак саноати чиқиндиларини комплекс қайта ишлаш технологияси” ишлаб чиқилган ҳамда юмшоқ таъсирга эга бўлган полимер шаклли дефолиант “Полидеф” ишлаб чиқариш технологияси яратилган. С. Рашидова полимерлар ҳақидаги фан соҳасининг йирик олимаси ҳисобланади.
Гулямова Ташхан Гафуровна – биология фанлари доктори, профессор. Т.Гулямованинг асосий илмий
йўналишлари микроорганизмларнинг метаболизмини тартибга солиш ва микроскопик замбуруғларда физиологик фаол бирикмаларнинг микробиал синтезининг ўзига хос хусусиятларини ўрганишга бағишланган. У фундаментал ва амалий тадқиқотлар илмий-техника дастурлари доирасидаги бир қатор илмий лойиҳаларга раҳбарлик қилиб келмоқда. 2005-2011 йилларда унинг раҳбарлигида халқаро СТCУ лойиҳалари амалга оширилди. Ҳозирги кунда унинг илмий изланишлари Ўзбекистон доривор ўсимликларнинг микробиомининг хилма-хиллиги ва унинг биотехнологик салоҳиятни илк бор ўрганиш билан боғланган. Ушбу илмий изланиш фундаментал ва амалий нуқтаи назардан янги бўлиб, маҳаллий эндофит микроорганизмлар бир қатор биофаол моддалар янги манбаи эканлигини кўрсатмоқда. У 200 дан ортиқ илмий мақолалар, 7 та ихтиро патент муаллифи. Унинг раҳбарлигида бир қанча фан докторлари, фан номзодлари етишиб чиқмоқда.
Азимова Шахноза Садиковна – биология фанлари доктори, профессор. “Ўзбекистон Республикаси фан арбоби” (1999) фахрий унвони билан мукофотланган. Молекуляр биология ва ген муҳандислиги бўйича таниқли олима. Унинг илмий тадқиқотлари асосан тиббиёт ва қишлоқ хўжалиги учун рекомбинант (сунъий) оқсилларни турли хил экспрессия тизимларида олиш технологияларини ишлаб чиқиш, ген-ҳужайра муҳандислиги услублари ёрдамида диагностик тест-тизимлар ва дори воситаларини яратишга қаратилган. Унинг раҳбарлигида молекуляр биология, биоорганик кимё, фармакологик биотехнология, ген муҳандислиги ва молекуляр генетика соҳаларида илмий тадқиқотлар олиб борилиб, Ўзбекистонда биринчи маротаба рекомбинант оқсиллар олиш усули ишлаб чиқилди. Шу жумладан вакцина ва диагностикумлар яратиш учун одам гепатит В вируси юза рекомбинант оқсиллари, Мюллер ингибирловчи субстанцияси (МИС, простата ва кўкрак бези ракига қарши восита) ва бошқалар олинди. Бундан ташқари рекомбинант HBsAG ва эритропоэтинга моноклонал антитаналар ҳосил қилувчи гибридомалар олиш технологияси ишлаб чиқилди. Унинг раҳбарлигида лабораторияда моддаларнинг ракка қарши (ситотоксик), антибактериал, замбуруғга қарши, шу жумладан антибиотикларга резистент микроорганизмларга нисбатан, инсектицид ва бошқа турдаги фаолликларининг скрининги йўлга қўйилиб, бугунги кунда метаболитлар ва уларнинг синтетик ҳосилалари асосида лейкозга қарши фаол моддалар аниқланган ва улар асосида самарали препаратлар яратиш мақсадида клиника олди тадқиқотлари олиб борилмоқда.
Аҳмедова Захро Рахматовна -1955 йили Тошкент вилояти Юқори Чирчиқ туманида туғилган. 1976 йили Тошкент
Давлат университети «Биология-тупроқшунослик» факультетини тамомлаган. У 1976 йилдан ЎзРФА Микробиология институтида ишлаб келмоқда, 2003 йилдан шу кунга қадар «Микроорганизмлар ферментлари» лабораторияси мудири, фундаментал, илмий-амалий ва инновацион лойиҳалар раҳбари. Микробиология, биокимё, биотехнология бўйича мутахассис. 1984 йили номзодлик, 1999 йили докторлик диссертациясини ҳимоя қилган, 2007 йилда профессорлик илмий унвони берилган. Унинг асосий илмий йўналиши қишлоқ хўжалиги, озиқ- овқат, саноатнинг барча тармоқларини биологизация йўналишига ўтказиш, кимёвий воситалар, моддалар, минерал ўғитлар сарфини камайтириш ёки улардан батамом воз кечиш, атроф-муҳит ҳимояси ва экологик мувозанатини сақлаш, микроорганизмлар ва улардан олинадиган ноёб биологик моддаларни таҳлил қилиш ва ишлаб чиқаришга тадбиқ этишдан иборатдир. Мустақиллик йилларидан буён 3 та фундаментал, 7 та амалий ва 3 та инновацион лойиҳаларга раҳбарлик қилиб келди. Шулардан охиргилари И-5-ФА-0-23897 ««Микрозим-2» биопрепаратини “Қорақалпоғистон Республикасида ишлаб чиқариш ва пахта етиштиришда қўллаш» инновацион (2014-2015) ва ФА-А9-Т110 «Мицелиал замбуруғларнинг гидролитик ферментлари асосида фитопатогенлар ҳужайра деворини парчаловчи препаратлар олиш технологиясини ишлаб чиқиш» (2015-2017). З.Р.Ахмедованинг илмий изланишлари натижасида 2006- 2013 йилларда «Микрозим-1» ва «Микрозим-2» биопрепаратларининг саноат вариантлари олинди ва улар Давлат кимё комиссияси синовларидан муваффақиятли ўтиб, биопрепаратларга гувоҳномалар олинган ва Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалигида ғалла ва пахта етиштиришда қўллашга рухсат берилган.
Арипова Тамарахон – тиббоёт фанлари доктори. У иммунология ва иммуногенетика соҳаларидаги йирик олима.
Унинг илмий изланишлари иккиламчи иммунотанқислик ҳолатлари (ОИВ/ОИТС, Б ва C гепатитлар онкологик аллергик эндокрин ва аутоиммун касалликлар) ривожланиш механизмларининг иммунологик ва иммуногенетик тадқиқотлари ва улар асосида катталар ва болаларда иммунологик ва генетик ташхисларнинг янги усуллари ва технологияларини ишлаб чиқиш ва Марказий Осиё популяциялари этногенезини ўрганишга қаратилган. Унинг раҳбарлигида 8 нафар фан доктори ва 15 нафар фан номзоди тайёрланган.
Юнусова Холида – фармацевтика фанлари доктори, профессор. Х.М. Юнусова
фармацевтика соҳасида фаолият кўрсатаётган иқтидорли олималардан бири. У ўз илмий ишларини тайёр дори турлари технологиясини яратиш ва такомиллаштириш, уларнинг сифат назорат усулларини яратиш, ишлаб чиқаришни ташкил этиш, шунингдек биофармацевтик тадқиқотлар йўналишларида олиб боради. У томонидан 700 дан ортиқ ишлар чоп этилган. Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида, популяцион экология, ташқи муҳит билан тирик организмлар ўртасидаги ўзаро алоқаларни оптималлаштириш муаммолари бўйича етакчи олим. Шунингдек, популяциялар экологияси назарияси илмий асосларини ривожлантирмоқда, сут эмизувчилар популяцияларининг динамикасини, уларнинг демографик тузилишини, экологик факторларнинг Жанубий Оролбўйи биотасига таъсирини ўрганиб, экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги тадқиқотлар натижаларини ишлаб чиқаришга татбиқ этиш бўйича илмий тадқиқотлар олиб бормоқда.
Рахимова Ташханим – биология фанлари доктори, профессор. Геоботаника, экология, ўтлоқшунослик бўйича етакчи олима. 200 дан ортиқ илмий ишларнинг муаллифи, шулардан 10 таси ҳаммуаллифликда ёзилган монографиялар, 20 дан ортиғи чет элларнинг нуфузли журналларида чоп этилган мақолалардир. Инқирозга учраган

яйловларни яхшилашга бағишланган 5 та қўлланма ва тавсиялари чоп этилган. Энг муҳим ишлари қаторига “Чортоқ адирларининг табиий ўсимликлари ва яйловлари” (1982), “Экология ва табиатни муҳофаза қилиш асослари” (2001), “Экология” китоби ўзбек (2008) ва рус тилида (2011), “Ўсимликлар экологияси ва фитоценология” (2009), “Юксак ўсимликлар бўйича амалий машғулотлар” (2011), «Ценопопуляции редких и исчезающих видов растений остансовых низкогорий Кызылкума» (2018), “Ўзбекистон чўл яйловларининг ҳозирги ҳолати ва улардан оқилона фойдаланиш” (2018), “Кадастр флоры Узбекистана: Навоийская област”, “Кадастр флоры Узбекистана: Бухарская област” монографиялари киради. Олиманинг илмий йўналишлари чўлланиш жараёнида Ўзбекистон ўсимликлар қоплами ва яйловларининг экологик ҳолати, истиқболли озиқабоп ўсимликларнинг эко-биологик хусусиятларининг мослашувини ҳамда яйлов экосистемаларидаги ўзгаришларни баҳолашга бағишланган. Олинган натижалар инқирозга учраган яйловларни серҳосил турлар ҳисобига бойитишда қўлланилган. Т.Рахимова Серипҳидиум кенжа туркумига оид истиқболли 25 та шувоқ турларининг эко-биологик хусусиятларини ҳар томонлама ўрганиб (1968-1995), уларнинг республикамиз чала чўл ва адир минтақаларида мослашувини ҳамда фитомелиорация учун районлаштиришнинг илмий асосларини ишлаб чиқди. У Қизилқум ва Орол денгизининг қуриган тубидаги ўсимликлар қопламини рақамли хариталаш, камёб ва йўқолиб бораётган ўсимликларнинг сенопопуляцияларини ўрганиш, глобал иқлим ўзгаришининг мавжуд сценарийлари бўйича рўй бериши мумкин бўлган табиий ўзгаришларни башоратлаш, Ўзбекистон ўсимликлар қопламини янги авлод хариталарини яратиш каби замонавий талқиндаги тадқиқотларни олиб бормоқда. Ўзбекистон табиий яйловларининг ҳолатини баҳолаш бўйича бир қатор хариталарнинг муаллифи. Унинг раҳбарлигида 8 та фан номзоди тайёрланган, 30 дан ортиқ магистрлик ишига илмий раҳбарлик қилган. ЎзРФА Ботаника институти ҳузуридаги Илмий даражалар берувчи Илмий кенгаш ва Илмий семинар, шунингдек Ўзбекистон Миллий Университети ҳузуридаги Экология ихтисослиги бўйича Илмий даражалар берувчи Илмий кенгаш аъзоси ва Семинар раиси.

Дилфуза Эгамбердиева – Дунёнинг 50 дан ортиқ давлатларида бўлиб, тадқиқотлар олиб борган, 2019 йилда “Йилнинг энг яхши олими” сифатида “Scopus-2019” мукофоти соҳибаси, ўзбекистонлик олима. Францияда тақдим этилган ЮНЕСКО L`oreal «Олима аёл» мукофоти лауреати ва Бутунжаҳон Фанлар Академиясининг қишлоқ хўжалиги бўйича Аргентинада тақдим этилган мукофотлари соҳибаси.
Убайдуллаева Хуршида– кимё фанлари номзоди. Мамлакатимизда қишлоқ хўжалиги ривожланишига улкан ҳисса қўшган. Ген инженерияси соҳасида тан олинган олима. Ўтказилган илмий тадқиқотлари натижасида ген-нокаут “Порлоқ” ғўза навларини генетиc ва физиологик биокимёвий хусусиятлари ўрганилган.Бундан ташқари қишлоқ хўжалиги экинларини ген инженерияси ва микроклонал кўпайтириш бўйича илмий тадқиқотларни олиб борган. У 100 дан ортиқ илмий мақолалар ва ихтиролар муаллифи. XII Корея халқаро ихтирочи аёллар кўргазмаси КIWIE – 2019 да олтин медаль билан тақдирланган.