Эндиликда фуқаролар суд муҳокамаларида масофадан қатнашиши мумкин.

Кейинги йилларда судлар фаолиятини рақамлаштириш бўйича амалга оширилган ислоҳотлар фуқароларга ўз ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилиш учун судга мурожаат қилишни эркинлаштириш, одил судловга эришишни ошириш ҳамда судлар фаолиятида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш имконини бермоқда. Натижада ариза йўллаш, ишда масофадан иштирок этиш, суд ҳужжатларини олиш ва ишларнинг кўрилиши ҳақида маълумот олиш каби суд томонидан кўрсатиладиган барча хизматлар Олий суднинг интерактив хизматлар портали орқали электрон шаклда амалга оширилиши йўлга қўйилди.
Шу билан бирга, бугунги кунда Видеоконференция режимида ўтказиладиган суд мажлисларида мобил Видеоконференция тизимидан фойдаланишнинг ҳуқуқий асосларини яратиш орқали процессуал қонунчиликни такомиллаштириш зарурати мавжуд. Масалан, Президент томонидан 11.03.2025 йилдаги «Аҳолига суд муҳокамаларида масофадан иштирок этиш учун янада қулай шароитлар яратилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги ЎРҚ-1047-сон Қонун имзоланди.
Ҳужжат билан аҳолининг фуқаролик, иқтисодий ва маъмурий ишлар бўйича суд муҳокамаларида масофадан иштирок этишининг ҳуқуқий асослари яратилмоқда.
Жумладан, ишда иштирок этувчи шахсларнинг Видеоконференция режимидаги суд мажлисида иштирок этишини таъминлаш учун кўрсатилган шахсларнинг яшаш жойи, жойлашган ери ёки турган жойи бўйича тегишли судларнинг Видеоконференция тизимларидан ёхуд ишни кўраётган суднинг мобил Видеоконференция тизимидан фойдаланилади.
Ишда иштирок этувчи шахсларнинг Видеоконференция режимидаги суд мажлисида иштирок этишини таъминлаётган суд ушбу шахсларнинг келган-келмаганлигини текширади ва келган шахсларнинг шахсини аниқлайди. Видеоконференция режимидаги суд мажлисида мобил Видеоконференция тизимидан фойдаланган ҳолда иштирок этаётган шахсларнинг шахси ишни кўраётган суд томонидан ахборот технологияларидан фойдаланган холда аниқланади.
Тегишли ўзгартиришлар Фуқаролик процессуал кодексига, Иқтисодий процессуал кодексига ва Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексига киритилмоқда.
Улугбек Жумаев
Жиноят ишлари бўйича Гулистон шаҳар судининг раиси
Читайте также:




