Мурожаат учун:
@SirdaryoLive_bot
@SirdaryoLive_UZ

Сирдарё вилояти божхона бошқармасида матбуот анжумани ўтказилди

20 январь 2026, Вторник
109
0

 

Сирдарё вилояти божхона бошқармасида 2025 йил якунларига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди. Унда оммавий ахборот воситалари вакиллари, журналистлар ҳамда блогерлар иштирок этиб, божхона тизимида йил давомида амалга оширилган ишлар, эришилган натижалар ва келгусидаги устувор вазифалар билан яқиндан танишдилар.

Матбуот анжуманида бошқарма ўринбосари М.Набиев сўзга чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Олий Мажлисга ва халқимизга йўллаган Мурожаатномасида белгилаб берилган ислоҳотлар, шунингдек, 2026 йилга мўлжалланган устувор мақсад ва вазифалар божхона органлари фаолиятида муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қилаётганини таъкидлади.

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан иқтисодий, ижтимоий ва маданий соҳаларда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар божхона тизимида ҳам ўз ифодасини топаётгани қайд этилди. Жумладан, замонавий инфратузилма яратилиши, рақамлаштириш жараёнларининг жадаллашуви ҳамда қулай меҳнат шароитлари яратилиши натижасида тизим фаолияти самарадорлиги сезиларли даражада ошгани таъкидланди.

 

Анжуман давомида 2025 йилда амалга оширилган ишлар юзасидан батафсил маълумот берилди. Хусусан, ўтган йил давомида давлат бюджетига 2 трлн сўмдан ортиқ маблағ ўтказилиб, тушумлар 699 млрд сўмга ёки 53 фоизга ошгани маълум қилинди.

Шунингдек, ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиларини қўллаб-қувватлаш мақсадида 237 та тадбиркорлик субъектига жами 1,2 трлн сўм миқдорида божхона имтиёзлари тақдим этилган бўлиб, ушбу кўрсаткич ўтган йилга нисбатан 88 фоизга юқори экани таъкидланди.

Яширин иқтисодиётга қарши курашиш, аҳоли саломатлиги ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш йўналишида 839 та қоидабузарлик ҳолати аниқланиб, умумий қиймати 30,1 млрд сўмдан ортиқ бўлган товарлар қонуний муомаладан олиб қўйилгани маълум қилинди.

 

Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 17 декабрда қабул қилинган “Божхона маъмуриятчилиги ва ташқи савдо тартиботларини янада соддалаштириш ҳамда самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ–250-сон Фармонининг мазмун-моҳияти юзасидан атрофлича тушунтиришлар берилди.

Анжуманда коррупцияга қарши курашиш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Давлатимиз раҳбарининг коррупцияга нисбатан муросасиз сиёсати божхона органлари фаолиятида устувор тамойил сифатида қатъий қарор топгани таъкидланди.

Матбуот анжумани якунида журналист ва блогерлар томонидан берилган саволларга мутасаддилар томонидан атрофлича жавоблар берилди. Ушбу очиқ мулоқот шаффофликни таъминлаш, жамоатчилик билан алоқаларни янада мустаҳкамлашга хизмат қилди.

 



✍️ ҚИСҚА ИЖОБИЙ ФИКР (ОТЗЫВ)

Сирдарё вилояти божхона бошқармаси томонидан ўтказилган матбуот анжумани юқори савияда, очиқлик ва шаффофлик тамойилларига асосланган ҳолда ташкил этилди. Анжуман давомида 2025 йилда амалга оширилган ишлар бўйича аниқ рақамлар ва далиллар келтирилиб, келгусидаги режалар ҳақида ҳам батафсил маълумот берилди. Журналистлар ва блогерлар билан очиқ мулоқот ўрнатилиб, барча саволларга атрофлича жавоблар берилгани тадбирнинг самарадорлигини янада оширди. Бу эса божхона тизимида олиб борилаётган ислоҳотларга жамоатчилик ишончини мустаҳкамлашга хизмат қилди.

ОАВ МУХБИРИ
ГАНИЕВ АМИРБЕК

Обсудить
Добавить комментарий
Комментарии (0)
Прокомментировать
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Бизнинг жамоамиз
Ҳамкорлар