ЯНГИЕР ШАҲРИДАГИ НАМУНАЛИ МАКТАБЛАРГА ТАШРИФ

Бугун Янгиер шаҳридаги 7- ва 9-умумий ўрта таълим мактабларига ОАВ ходимлари иштирокида “ПРЕСС-ТУР” ташкил этилди. Мақсад мактабларда амалга оширилган ишлар, ўқувчиларнинг билим олишлари учун яратилган шароитларни оммалаштириш. Бундан ташқари Президентимиз ташаббуслари билан йўлга қўйилган 5 ташаббус доирасида амалга оширилган ишларнинг натижасини кўз-кўзлаш.
Дастлаб 7-умумий ўрта таълим муассасисига ташриф буюрган ОАВ вакиллари мактаб директори ҳамроҳлигида замонавий талабларга жавоб берадиган кутубхонага таклиф қилинди. Кутубхонамизда бир йил аввал 600 дона китоблар бор эди. Ҳозирда 3 500 дан ортиқ ҳам бадиий ҳам илмий адабиётлар бор. Замонавий шароитга эга бўлган кутубхонамизга ўқувчилар тобора кўпроқ ташриф буюришга одатланишмоқда, дейди мактаб директори Зайниддин Жўраев.

Мактабимиз кутубхонасида жаҳон адабиётлари, ўзбек адабиёти дурдоналари бор. Синфдошларимиз ва бошқа синф ўқувчилари ҳам кутубхонага тез-тез кириб китоб мутолаа қиламиз. Ўқиган китобларимиз хусусида бир-биримизга айтиб берамиз. Бошқа ўртоқларимиз бирор қизиқарли китоб воқеаларини айтиб берса, биз ҳам ўша китобни тезроқ ўқишга уринамиз, деган фикрлари билан ўртоқлашди ҳозирда Ўткир Ҳошимов асарлари мутолааси билан шуғулланаётган 9-синф ўқувчиси Дилмурод Ҳасанов.

Мактабда барча фанлардан дарс ўтиш учун шароитлар замонавий ҳолатга келтирилганлиги билан аҳамиятли. Спорт билан шуғулланиш учун ҳам кимё, биология фанларидан лаборатория ишларини бажариш учун ҳам қўл меҳнати билан бирор жиҳоз ясаш учун ҳам қизларимизнинг тикиш-бичиш ишларини ёки ўзбек миллий таомларини тайёрлашлари учун ҳам шароитлар муҳайё қилинган. Ўтган йиллар мобайнида битирувчиларимизнинг 30 фоизи ОЎЮларига ўқишга тавсия этилди. Ўқишга кира олмаган ўқувчиларимизнинг қиз болалари тикувчилик, қандолатчилик цехларида фаолият юритаётган бўлса, ўғил болалар тадбиркорлик, дурадгорлик ишлари билан машғул. Бежизга “Ҳунарли – хор бўлмас”, деган нақллар шаклланмаган, дейди мактаб директори.

Ушбу мактабнинг алоҳида ўзига хос жиҳатлари яна қуйидагиларда намоён бўлади.
Мактабда Информатика ва IT, робототехника соҳасини ривожлантириш, Янгиер шаҳар Стелласи кичик нусхасини яратиш устида ўқитувчи Арслон Жабборқулов бошчилигида ишлар олиб борилмоқда экан.
Аввалги ўқув йилларида умуман лабораторияга эга бўлмаган мактаб лабораторияларида бугунги кунда кимё ва биология фанларидан ўқувчиларнинг ўзлари амалий тажрибаларни устозлари билан ўтказмоқда.
Мактабда “RENESSANS” ўқув марказининг филиали очилган. Марказ ўқитувчиси Нодира Яхшибоева ўқувчиларга ушбу мактабнинг ўзида инглиз тили тўгарагини ташкил этган.
Қизлар учун кундалик бичиш-тикиш, пишир-куйдир ишлари, ўғил болалар учун пайвандлаш, дурадгорлик, наққошлик, қўйингки устачиликнинг бир қанча турлари Технология фани ўқитувчилари томонидан ўргатилаётганлиги эътиборли.

Ўқувчиларга шахмат, шашкани ўрганиш бўйича алоҳида хона ва мураббийлар бириктирилган. Спортнинг бокс, бадиий гимнастика, академик эшкак эшиш турлари бўйича республика чемпионлари етишиб чиққан. Бунда спорт устозлари Зариф Вайзаев ва Мансур Холовларнинг хизматлари беқиёс.
Мактабда йўл ҳаракати қоидаларини ўргатиш учун ҳам махсус хона ташкил этилган. Бу жойда ўқувчиларга йўл ҳаракати қоидалари ва уларга амал қилишни вилоят ИИБ дан бириктирилган ходимлар келиб ўтиши тақсинга сазовор.
Мусиқа ўқитувчилари томонидан мактабнинг махсус хор жамоаси ташкил этилган. Бу жамоа байрам ва тадбирларда ўзларининг ватанпарварлик, дўстлик, катталарга ҳурмат, устозларга эҳтиром каби куй-қўшиқлари билан барчани хушнуд этиб келмоқда экан.

Мактабда 41 нафар ўқитувчилар фаолият юритиб, 10 нафари олий тоифали ҳисобланади. Илм олиш учун, ҳунар ўрганиш учун, спорт билан шуғулланиш учун, чет тилларини ўрганиш учун, санъатга ошуфта бўлиш учун барча шароитлар мужассам. Фақатгина яратилган шароит ва имкониятлардан унумли фойдаланиш керак холос.
Ҳар бир синфда ота-оналар дарсларни бевосита кузатишлари учун махсус ўриндиқлар бор. Қизим шу мактабда ўқийди. Ҳар доим келиб дарсларда бевосита иштирок этаман. Мактаб ўқитувчилари жуда тажрибали. Фарзандларимизга бераётган билимларидан кўнглимиз тўлади. Шунга яраша фарзандларимизни ҳам яхши ўқисин деб, ўзимиз ҳам назорат қиламиз, дейди ўқувчи Нозима Холматованинг онаси Насиба Холматова.

Навбатдаги манзил Янгиер шаҳридаги 9-умумий ўрта таълим мактаби бўлди. Бу мактаб ҳам 7-умумий ўрта таълим мактаби каби ибрат ва намуна қилса арзийдиган. 9-умумий ўрта таълим мактабининг ҳам ўзига хос жиҳатлари қуйидагиларда кўринади.
- Мактаб директори вазифасини бажарувчи Даврон Ҳусановнинг айтишича мактабни безашда фойдаланилган тасвирий санъат намуналари мактаб ўқувчилари томонидан чизилган.
- Ўқувчиларга халқаро тоифадаги спорт устози Шахзод Шарипов жисмоний тарбия сабоқларини беради. Белбоғли кураш бўйича 5 нафар республика чемпионлари, 2 нафар Осиё чемпионлари мактаб ўқувчилари орасидан чиққан. Ўқувчиларга шахмат, шашкани ўрганиш бўйича алоҳида хона ва мураббийлар бириктирилган.

Мактабда психологик тренинглар, “Заковат” ўйинлари ташкил этилиб турилар экан. Хор жамоаси учун Янгиер шаҳар мусиқа мактаби ўқитувчилари билан ҳамкорлик йўлга қўйилган.
- Бошланғич синф ўқувчилари ўзбек эртакларини ўқувчилар томонидан ясалган эртак қахрамонлари орқали ўқитувчилари Шахноза Жўраева билан биргаликда ижро этишлари ҳам диққатимизни жалб этди.
Мактабда ташкил этиладиган тадбирларга ота-оналар ҳам таклиф этилади. Ҳар бир ота-она фарзандларининг билим ва кўникмаларга эга бўлаётганлиги, мавжуд жараёнларга ижодий ёндаша олаяптими ёки йўқ ўз кўзлари билан кўришлари учун шароитлар мужассам. Синф хоналарда ота-оналар дарсларни бевосита кузатишлари учун махсус ўриндиқлар мавжуд.

Бу мактабда ҳам йўл ҳаракати қоидаларини ўргатиш учун хона ва ўқувчиларга йўл ҳаракати қоидалари ва уларга амал қилишни вилоят ИИБ дан бириктирилган ходимлар келиб ўргатмоқда.
Ушбу мактабда ҳам билим олиш билан бир қаторда қизлар ва ўғил болаларнинг ҳунар ўрганишлари учун барча шароитлар муҳайё. Бошқа мактаблардан алоҳида ажралиб турадиган жиҳати шундаки, мактабда “Сартарошлик” тўгараги фаолият юритади. Бу жойда қизлар ҳам йигитлар ҳам турли соч турмакларини ўрганиб, моҳир сартарош бўлиб етишишлари мумкин, дейди Янгиер шаҳар ММТБ тарбиявий ишлар бўйича бош мутахассиси Феруза Аҳмедова.

Ушбу мактабларга ташкил этилган “Пресс-тур”дан хушнуд бўлдик. Президентимиз таъкидлаётган замонавий мактаб бўлса шундай бўлади, деган фикр ўтди барчамизнинг кўнглимиздан.
Сизлар ҳам албатта ташриф буюринг ушбу мактабларга. Юқоридаги фикрларга ўзингиз гувоҳ бўласиз.
Баҳром БОЙМУРОДОВ
Амир ГАНИЕВ
Читайте также:





