Мурожаат учун:
@SirdaryoLive_bot
@SirdaryoLive_UZ

Гулистон шаҳрида хотин-қизлар қўллаб-қувватланмоқда

09 июль 2024, Вторник
151
0

Мамлакатимизда хотин-қизларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, уларнинг жамият ҳаётидаги фаол иштирокини таъминлаш борасида қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Ушбу ислоҳотлар самараси Сирдарё вилоятида ҳам ўз ифодасини топаётир.

Гулистон шаҳрида бу борада олиб борилган тизимли ишлар натижасида “Аёллар дафтари” рўйхатига киритилган, ижтимоий аҳволи ва турмуш шароити оғир, ишсиз ва ижтимоий фаол бўлмаган хотин-қизлар орасидан чиққан тадбиркорлар сони бугун 440 нафарга етди. Уларнинг ўз қизиқиши бўйича фаолиятини йўлга қўйиши учун қарийб 3 миллиард 573 миллион сўм миқдорида имтиёзли кредит маблағи йўналтирилди.  

– “Аёллар дафтари”га киришимдан аввал ижтимоий аҳволим жуда оғир эди, – дейди Дўстлик маҳалласида истиқомат қилувчи Мадина Каримбердиева. – Иссиқхона хўжалигини ташкил этиш ҳақидаги режам оиладаги муаммоларим сабабли амалга ошмаётган эди. Гулистон шаҳар ҳокимлиги ҳамда оила ва хотин-қизлар бўлими ёрдами билан менга тижорат банкидан 20 миллион сўм миқдорида имтиёзли кредит маблағи ажратилди. Ушбу маблағ ҳисобидан зарур ускуна ва жиҳозларни харид қилиб, иссиқхона хўжалиги фаолиятини йўлга қўйдик. Ҳозир иссиқхонада помидор, бодринг, булғор қалампири етиштиряпмиз. Даромад ҳам яхши. Келгусида фаолиятимни янада кенгайтириш ниятидаман.  

Оила ва хотин-қизлар бўлими бошлиғи Азиза Файзиеванинг таъкидлашича, Мадина Каримбердиева сингари 30 ёшдан ошган 18 минг 646 нафар аёлнинг ижтимоий ҳолати ўрганилиб, касб-ҳунар эгаллаш, ўз фаолиятини йўлга қўйиш истагида бўлган 703 нафар хотин-қиз “Ишга марҳамат” мономарказига йўналтирилди. Ана шундай саъй-ҳаракатлар туфайли бугунги кунда Гулистон шаҳрида истиқомат қилаётган 527 нафар хотин-қизнинг бандлиги таъминланди. Бундан ташқари, 14 нафар хотин-қиз доимий ишга, 24 нафари вақтинчалик жамоат ишларига жойлаштирилди. Тикувчилик, қандолатчилик ва маиший хизмат кўрсатиш йўналишида фаолият кўрсатмоқчи бўлган 23 нафар хотин-қизга субсидия ажратиш учун тавсия берилган бўлса, тадбиркорликни бошлаш истагида бўлган эҳтиёжманд хотин-қизнинг 103 нафарига 212 миллион сўмлик имтиёзли кредит ажратилди. Ижтимоий ёрдамга муҳтож I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган 880 нафар хотин-қизга жами 1 миллиард 196 миллион 800 минг сўм миқдорида бир марталик ёрдам кўрсатилди.  

Бундан ташқари, 155 нафар уй-жойга муҳтож, эҳтиёжманд хотин-қиздан 67 нафарига 500 минг сўмдан 9 ойлик, 24 нафарига эса 8 ойлик ижара компенсацияси тўлаб берилмоқда. Соғлиғида муаммоси бор, даволанишга муҳтож бўлган 34 нафар хотин-қизнинг тиббий муассасаларда даволаниши, соғлиғини тиклаши учун 255 миллион 163 минг миқдоридаги пул маблағи, қарамоғида ногирон фарзандлари мавжуд бўлган 183 нафар хотин-қизга 248 миллион 880 минг сўмлик бир марталик ёрдам маблағи ажратилди.  

Муҳими, бу каби хайрли ишлар Гулистонда кенг кўламда давом этмоқда.  

Ғулом Примов, ЎзА мухбири

Обсудить
Добавить комментарий
Комментарии (0)
Прокомментировать
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Бизнинг жамоамиз
Ҳамкорлар